Президент матбуот котиби Шерзод Асадов таълим тизимида амалга оширилаётган янги ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, янги тизимда Таълим ва илм-фан вазирлиги мактабгача, мактаб, профессионал ва олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларнинг кундалик иш жараёнлари учун масъул бўлади. Вазирлик, шунингдек, таълим фаолиятига қўйиладиган талабларни белгилайди, аккредитация ва лицензиялаш жараёнларини амалга оширади.
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги эса таълим мазмуни ва сифатини такомиллаштиришга йўналтирилади. Агентлик ўқув дастурлари, дарслик ва қўлланмалар ҳамда методик материалларни ишлаб чиқади, уларни амалиётга жорий этади ва натижаларини мониторинг қилиб боради. Аниқланган камчиликлар асосида таълим материаллари такомиллаштирилади.
Бу жараёнда Президент томонидан белгиланган «ўзбек мактаби битирувчисининг портрети» асосий мезонлардан бири сифатида кўрилади.
Шунингдек, Президент Администрацияси ва унинг ҳузурида ташкил этиладиган махсус ишчи гуруҳ янги вазирлик тузилмасини ишлаб чиқади, мавжуд иш жараёнларини қайта кўриб чиқади ҳамда уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди.
Олий таълимда эса давлат аралашувини камайтириш, олийгоҳларнинг мустақиллигини кенгайтириш ва нодавлат таълим секторига кўпроқ имконият яратиш кўзда тутилмоқда. Олий таълим муассасалари ўртасидаги эркин рақобат ва меҳнат бозори талаби таълим сифатини баҳолашнинг муҳим омилларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!