Ўзбекистонда пахта ғўзапоясидан янги турдаги асфальт хомашёсини ишлаб чиқариш бўйича инновацион лойиҳа бошланди.
Лойиҳа Самарқанд давлат техника университети олимлари томонидан туркиялик мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард 824 миллион сўмни ташкил этади.
Тадқиқотчилар ғўзапояни пиролиз усулида қайта ишлаб, ундан биоёғ ва биокўмир олишни режалаштирмоқда. Ушбу маҳсулотлар асфальт таркибидаги анъанавий нефть битумининг ўрнини босиши мумкин.
Дастлаб битумнинг 15 фоизини, кейинчалик 30 ва 45 фоизини ушбу хомашё билан алмаштириш имконияти ўрганилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёж камаяди, қишлоқ хўжалиги чиқиндилари эса фойдали хомашёга айлантирилади.
Бундан ташқари, янги технология узоқ муддат хизмат қиладиган, экологик тоза ва ўз-ўзини тиклаш хусусиятига эга асфальт қопламаларини яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Тадқиқотлар Ўзбекистон ва Туркияда бир вақтнинг ўзида олиб борилмоқда. Лойиҳа Самарқанд давлат техника университети ҳамда Туркиянинг Чукурова университети ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Агар технология амалиётда ўзини оқласа, келажакда далаларда ёқиб юбориладиган ғўзапоя чиқиндилари йўл қурилиши учун қимматли хомашёга айланиши мумкин.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!