7 август куни Тошкент халқаро аэропорти ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш ва қидирув-қутқарув ишларини ташкил этиш бўйича идоралараро кенг кўламли ўқув машғулоти ўтказилди.
Машғулот сценарийсига кўра, Истанбул–Тошкент йўналишида парвоз қилаётган йўловчи самолёти қўнишга яқинлашган вақтда ҳаво диспетчери ҳамда экипаж ўртасидаги алоқа узилиб қолади. Шундан сўнг ҳаво кемаси Тошкент шаҳрига етиб келмасдан авиаҳалокатга учрайди.
Шартли авиаҳалокат ҳақидаги маълумот диспетчерлар томонидан зудлик билан аэропортнинг ердаги қидирув-қутқарув ишларини таъминлаш гуруҳига ва бошқа тегишли хизматларга етказилади. Шундан сўнг қидирув-қутқарув ишлари бошланади.
Симуляцион фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш учун 250 га яқин мутахассис ва 25 та махсус техника жалб қилинди.
Машғулот Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Тошкент халқаро аэропорти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўқув машғулоти давомида қутқарувчилар ёнғинни ўчириш, одамларни эвакуация қилиш, жабрланганларни жароҳатларининг оғирлик даражасига қараб тақсимлаш, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва тиббиёт муассасаларига етказиш бўйича амалий ҳаракатларни бажарди. Шунингдек, самолёт бортидаги хавфли юкларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш ишлари ҳам амалга оширилди.
“Тошкент халқаро аэропорти” МЧЖ маълумотларига кўра, аэропорт ҳудудидаги машғулотлардан ташқари, йил давомида бир неча бор аэропортдан ташқарида ҳам шу каби комплекс ўқув тадбирлари ўтказилади.
Машғулотдан асосий мақсад авиаҳалокат юз берган тақдирда вазирлик ва идоралар, шунингдек, аэропорт бўлинмалари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш, фавқулодда вазият оқибатларини тезкор бартараф этиш ҳамда ходимларнинг бундай ҳолатларга тайёргарлигини оширишдан иборат.
Ўқув машғулоти якунида тегишли бўлим ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Тошкент аэропорти ҳамда тегишли идораларнинг куч ва воситалари тайёргарлиги юқори баҳоланиб, фавқулодда вазият юз берган тақдирда тезкор чоралар кўришга тўлиқ тайёр экани қайд этилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!