Белгиянинг Лёвен шаҳри мери Муҳаммад Ридуани “Ден Дреф” стадионида Брюсселнинг “Юнион” ва Исроилнинг “Хапоэл” (Беэр-Шева) жамоалари ўртасидаги Европа Лигаси учрашувини ўтказишни тақиқлади. Бу ҳақда ВРТ телеканалига таяниб, РИА Новости хабар берди.
Мернинг сўзларига кўра, қарор хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб қабул қилинган.
“Хавфсизлик нуқтаи назаридан ўйин бўлиб ўтиши мумкин эмас. Биз хавфсизликни кафолатлай олмаймиз”, — деди Ридуани.
“Юнион” клуби шаҳар ҳокимиятининг қарорини инобатга олган. Айни пайтда клуб вакиллари учрашувни ўтказиш учун муқобил вариант топиш мақсадида манфаатдор томонлар билан музокаралар олиб бормоқда.
Брюссел жамоаси Европа Лигаси умумий босқичидаги уй учрашувларини Лёвенда ўтказишни режалаштирган эди. Бунга сабаб клубнинг “Жозеф Марен” стадиони УЭФА талабларига жавоб бермаслигидир.
Бу Белгияда Исроил жамоалари иштирокидаги учрашувларнинг хавфсизлик сабабли бошқа жойга кўчирилиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас. 2024-йилда Белгия терма жамоаси Миллатлар лигасида Исроилга қарши уй учрашувини Венгриянинг Дебретсен шаҳрида ўтказган.
2026-йил март ойида эса Белгия аёллар терма жамоасининг Исроилга қарши учрашуви ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан Венгрияда бўлиб ўтган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!