Бухоро вилояти иқтисодиёти жорий йилда илк бор 100 триллион сўмлик маррадан ошиши, иқтисодий ўсиш эса 10,1 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда келтирилишича, ўтказилган сўровда бухороликларнинг 98 фоизи сўнгги йилларда ҳаёт сифати яхшиланганини билдирган. Тадбиркорларнинг 83 фоизи эса келгуси уч йилга ижобий муносабатда эканини қайд этган.
Шу билан бирга, вилоят иқтисодиётида табиий ресурслар саноати ва қишлоқ хўжалигининг улуши юқорилигича қолмоқда. Ушбу икки йўналиш иқтисодиётнинг 43 фоизини ташкил этади. Сўнгги ўн йилда хизматлар соҳасининг улуши эса 33 фоиздан 36 фоизга ошган.
Президент вилоят иқтисодиётини диверсификация қилиш, саноатда чуқур қайта ишлашни ривожлантириш ва ҳар бир туманнинг иқтисодий ўсиш имкониятларини аниқлаш зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги кўрсаткичларни 1,5 баравар ошириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда Тошкент шаҳри, Фарғона ва Жиззах вилоятларининг халқаро Fitch рейтингини олгани ҳам мисол сифатида келтирилди. Бухоронинг ҳам инвесторлар учун очиқ ва ишончли ҳудуд сифатидаги салоҳиятини намоён этиши зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!