Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган ота ва унинг икки ўғлини қидириш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Ҳодиса 2 сентябрь куни содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, оила катерда сув омборида сайр қилган. Улар чўмилиш тақиқланган ҳудудда тўхтаб, сувга тушган. Чўмилиш вақтида уч кишининг оёғида томир тортишиб, улар сувга чўкиб кетган.
ФВВ маълумотига кўра, фуқаролар чўмилиш вақтида қутқарув жилетларидан фойдаланмаган. Катерни бошқарган шахс уларга жилетсиз сувга тушмасликни тавсия қилган, бироқ бу огоҳлантиришга амал қилинмаган.
Воқеа вақтида катерда эркакнинг турмуш ўртоғи ва синглиси ҳам бўлган. Улар ёрдам сўраган. Катер ҳайдовчиси ҳам сувга тушиб, фуқароларни қутқаришга уринган, бироқ уларни қутқаришнинг имкони бўлмаган.
Ҳозирда қидирув ишларига бешта қутқарув отряди ва сувда ҳаракатланаётган еттита қутқарув бригадаси жалб этилган. Шунингдек, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидан ҳам қутқарув отрядлари жалб қилинган.
Қидирув ишлари кеча-ю кундуз давом эттирилмоқда. ФВВ маълумотига кўра, сув омборининг чуқурлиги ва ҳудуднинг катталиги қидирув ишларини мураккаблаштирмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!