Самарқандда тегишли лицензияга эга бўлмаган сайёҳлик фирмаси ходими тўрт кишини Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, 5 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Самарқанд туманида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси ходими Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, унинг тўрт нафар қариндошини Саудия Арабистонига Умра зиёратига юборишни ваъда қилган. Бунинг эвазига ундан 5 минг доллар олган.
У Давлат хавфсизлик хизмати ва Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Текширувда мазкур масъулияти чекланган жамият Умра зиёратини ташкил этиш ва ўтказиш учун тегишли лицензияга эга эмаслиги аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида фуқароларни Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, 3 минг доллар талаб қилган туристик фирма раҳбари ҳам қўлга олинган эди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!