Ҳаво ҳароратининг пасайиши ва иситиш мавсумининг бошланиши муносабати билан газ ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш юзасидан фуқароларга огоҳлантириш берилди. Истеъмолчилардан иситиш мосламаларининг техник ҳолатига эътибор қаратиш ва ис газидан заҳарланиш хавфининг олдини олиш сўралди. Бу ҳақда Энергетика вазирлигининг расмий Телеграм каналида маълум қилинди.
Қайд этилишича, қўлбола ва ностандарт иситиш қурилмаларидан фойдаланиш, газ ускуналарини малакасиз мутахассисларга ўрнаттириш, дудбуронларнинг нотўғри уланиши ҳамда шамоллатиш каналларининг носозлиги инсон ҳаёти ва саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин. Ҳимоя тизимларидаги носозликлар ҳам бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши эҳтимоли бор.
Мутахассислар газ ускуналарини фақат малакали мутахассисларга ўрнаттириш ва текширтириш, дудбурон ҳамда мўрконларни мунтазам тозалаш, шамоллатиш каналларини беркитмасликни тавсия этмоқда. Шунингдек, газ плитасидан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланмаслик, иситиш мосламаларини назоратсиз қолдирмаслик ва носозлик аниқланганда тегишли хизматларга мурожаат қилиш зарурлиги таъкидланди.
Ис газидан заҳарланишнинг дастлабки белгилари бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши ва ҳолсизликдан иборат бўлиши мумкин. Бундай аломатлар кузатилганда дарҳол тоза ҳавога чиқиш, бошқа одамларни ҳам хавфли ҳудуддан олиб чиқиш ва тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш лозим.
Расмий огоҳлантиришда иситиш мавсумида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, газ ускуналари ва иситиш тизимларини соз ҳолатда сақлаш бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда муҳим экани қайд этилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!