Миллиардер Илон Маск АҚШда Республикачилар партиясини қўллаб-қувватлаш учун 446 миллион доллар ажратиб, мамлакатдаги энг йирик якка сиёсий донорга айланди. Бу ҳақда сайлов кампанияларини молиялаштириш ҳисоботларини ўрганган The Washington Post нашри хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Маскнинг маблағлари 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Конгресс сайловларида республикачиларнинг Конгрессдаги кўпчилик ўрнини сақлаб қолишига ёрдам беришга қаратилган. АҚШдаги йирик сиёсий ҳомийлар сайлов кампаниялари учун жами 2,7 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратган. Шундан 1,7 миллиард доллари республикачиларни, 832 миллион доллари демократларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Яна 264 миллион доллар ҳар икки партияни қўллаб-қувватловчи ва муайян манфаатларни илгари сурувчи гуруҳларга тўғри келади.
Республикачиларнинг бошқа йирик ҳомийлари орасида Uline компанияси эгалари Элизабет ва Ричард Юлай 150 миллион доллар, One Nation нотижорат ташкилоти 133 миллион доллар ҳамда Susquehanna International Group ҳаммуассиси Жефф Ясс 110 миллион доллар ажратган.
Демократларнинг энг йирик ҳомийлари орасида миллиардер Жорж Сорос ва Majority Forward нотижорат ташкилоти бор. Уларнинг ҳар бири 102 миллион доллардан маблағ ажратган. House Majority Forward ташкилоти 94 миллион доллар, Нью-Йорк собиқ мери Майкл Блумберг эса 84 миллион доллар хайрия қилган.
Маблағларнинг асосий қисми Super PAC деб аталадиган сиёсий қўмиталарга йўналтирилган. АҚШ қонунчилигига кўра, бундай қўмиталар сиёсий номзодлар ва кампанияларни қўллаб-қувватлаш учун ҳомийлардан чекланмаган миқдорда маблағ қабул қилиши мумкин.
Нашр, шунингдек, дунёнинг энг бой инсонларидан бири Жефф Безоснинг сиёсий хайрияларига эътибор қаратган. Маълумотларга кўра, Безос жорий сайлов даврида 15 минг доллар ажратган ва бу маблағ унинг Amazon ҳамда Blue Origin компаниялари билан боғлиқ федерал сиёсий қўмиталарга йўналтирилган.
АҚШда Конгрессга оралиқ сайловлар 3 ноябрь куни бўлиб ўтади. Сайловларда Вакиллар палатасининг барча 435 аъзоси ҳамда Сенатнинг 35 аъзоси сайланади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!