Португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду миллий терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини расман эълон қилди. 41 ёшли футболчи бу ҳақда Instagram саҳифасида жойланган видеомурожаати орқали маълум қилди.
Роналду 23 йил давомида Португалия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилди. Хайрлашув мурожаатида у фаолияти давомида қўллаб-қувватлаган мухлислар, жамоадошлари, мураббийлар, жамоа ходимлари ва оила аъзоларига миннатдорчилик билдирди.
«Мен бу либос учун боримни бердим. Ҳар доим ғалаба қозонишни, энг яхшиси бўлишни ва тарих яратишни хоҳладим. Бугун англаб етдимки, менинг энг катта ғалабам — дунёдаги энг яхши мамлакатни ҳимоя қилиш шарафига муяссар бўлганимдир. 7-рақамли либос ўз ўрнида қолади, аммо уни кийганимдаги ғурур мен билан бирга кетади. Португалия ҳамиша менинг бир қисмим бўлиб қолади», — деди футболчи.
Маълумот учун, Криштиану Роналду Португалия терма жамоаси билан 2016 йилда Европа чемпионлигини, шунингдек, Миллатлар лигаси кубогини қўлга киритган. У миллий жамоа сафида 234 та ўйин ўтказиб, 146 та гол урган. Ҳар икки кўрсаткич бўйича халқаро футбол рекордчиси ҳисобланади.
Шу тариқа, Португалия футболи тарихидаги энг сермаҳсул футболчилардан бири бўлган Роналду 23 йиллик халқаро фаолиятига якун ясади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!