2026 йилда Ўзбекистонда илк бор 5 миллион тоннадан ортиқ пахта хомашёси етиштирилди. Бу мамлакат пахтачилиги тарихидаги рекорд кўрсаткич бўлди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, сўнгги йилларда пахта ҳосилдорлиги гектарига 21 центнердан 56 центнерга етган. Жорий йилда қарийб 400 минг гектар майдонда ўртача ҳосилдорлик 70 центнерни ташкил этган. Салкам 70 минг гектар майдонда эса ҳар гектардан 100–110 центнергача ҳосил олинган.
Юқори натижаларга эришишда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг кучайтирилиши, маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос серҳосил навлардан фойдаланиш ҳамда замонавий агротехнологияларнинг жорий этилиши муҳим омил бўлган. Шунингдек, сув тежовчи технологиялар ҳисобига пахтачиликда сув сарфи 1990 йилларга нисбатан икки баравар камайгани қайд этилди.
Етиштирилган пахта ҳосилининг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ замонавий пахта териш машинаси ёрдамида 30–35 кун ичида йиғиб олинган. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида механизациялашган терим даражаси 100 фоизга етган.
Вазирлик прогнозига кўра, жорий йилда фермер хўжаликларининг пахта етиштиришдан оладиган соф фойдаси 13–14 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Келгуси йил учун пахта ҳосилдорлигини ўртача 65–70 центнерга етказиш мақсад қилинган. Бунда серҳосил навлар, агродронлар, сув ва энергия тежовчи технологиялар ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш режалаштирилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!