Марказий Осиёнинг бешта давлатида пенсионерларга тўланадиган маблағ миқдори сезиларли даражада фарқ қилади. 2026 йилга оид келтирилган маълумотларга кўра, ўртача ойлик пенсия Қозоғистонда 350 доллар, Қирғизистонда 147 доллар, Ўзбекистонда 143 доллар, Тожикистонда 55 долларни ташкил этади. Туркманистонда эса пенсия миқдори унинг турига қараб белгиланади.
Ўзбекистонда 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, ўртача ойлик пенсия 1,7 миллион сўм ёки тахминан 143 долларга тенг. Энг кам ёшга доир пенсия 983 минг сўм (83 доллар), энг кам ногиронлик пенсияси эса 1 миллион 83 минг сўм (91 доллар) этиб белгиланган. Мамлакатда пенсия олувчилар сони 4,35 миллион нафардан ошган.
Қозоғистонда ўртача ойлик пенсия 350 долларни ташкил этади. Мамлакатда 2,5 миллиондан ортиқ пенсионер бор. Қирғизистонда эса ўртача пенсия 12 898 сом ёки тахминан 147 долларга етган. Бу давлатда 826,5 минг нафар пенсионер рўйхатга олинган.
Тожикистонда 2026 йил 1-сентабр ҳолатига кўра, ўртача пенсия 505,67 сомоний ёки 55 долларни ташкил қилган. Мамлакатда 893 мингдан ортиқ пенсионер бор. Туркманистонда энг кам пенсиянинг базавий миқдори 550 манат ёки расмий курс бўйича тахминан 157 долларга тенг. Айрим тоифадаги фуқаролар, жумладан, уруш қатнашчилари учун пенсия миқдори юқорироқ.
Минтақа мамлакатларида пенсияга чиқиш ёши ҳам турлича. Ўзбекистонда эркаклар 60 ёшда, аёллар 55 ёшда, Қозоғистонда эса эркаклар 63 ёшда, аёллар 61 ёшда пенсияга чиқади. Қирғизистон ва Тожикистонда бу ёш эркаклар учун 63, аёллар учун 58 ёшни ташкил этади. Туркманистонда эркаклар 62, аёллар 57 ёшда пенсия олиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистонда пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича ҳам таклифлар муҳокама қилинмоқда. Уларга кўра, пенсия ҳисобида инобатга олинадиган иш ҳақи даврини 2027 йилдан босқичма-босқич 20 йилга етказиш, минимал иш стажини 2034 йилгача 15 йилга ошириш ҳамда 2028 йилдан пенсия ёшини ҳар йили уч ойга узайтириш режалаштирилган. Таклиф амалга оширилса, 2039 йилга бориб пенсия ёши эркаклар учун 63 ёш, аёллар учун 58 ёшга етиши мумкин.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!