Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг 2026 йил 13-октабр куни эълон қилинган ажрими билан Поп туман судининг озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган О. И.га нисбатан жазо шартли деб белгиланди. Натижада у суд залида қамоқдан озод қилинди.
Маълум қилинишича, О. И. 1977 йилда Наманган вилоятида туғилган бўлиб, “Райхон оилавий миллий таомлари” корхонаси таъсисчиси ҳисобланади. Унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг 2026 йил 13 июлдаги ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
Расмий ахборотга кўра, апелляция инстанцияси ишни кўриб чиқишда етказилган зарарнинг бир қисми нақд пул шаклида депозит ҳисоб рақамига топширилганини, О. И.га тегишли мол-мулкнинг банк талаби асосида банк балансига қабул қилиниши белгиланганини ҳамда хатланган мол-мулкларни сотишдан тушган маблағлар зарарни қоплашга йўналтирилганини инобатга олган. Шунингдек, зарарни қоплаш учун фақат О. И. ва унинг яқин қариндошларига тегишли мол-мулклар йўналтирилгани қайд этилган.
Суд ажримига кўра, О. И.га Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган, бироқ Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан уч йиллик синов муддати билан шартли деб ҳисоблаш белгиланган.
Шу тариқа, апелляция инстанцияси қарори билан О. И. суд залида қамоқдан озод этилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!