Наманган вилояти Учқўрғон туманида 12 нафар болани боғчага олиб кетаётган Damas ҳайдовчиси ЙТҲ содир этиб, бир боланинг ўлимига сабаб бўлгани учун 2 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Ҳодиса 2026 йил 26 март куни соат 7:30 ларда содир бўлган.
Суд ҳужжатига кўра, А.Б. 2025 йил 1 мартдан бошлаб ўзининг Damas автомашинасида маҳалладаги болаларни бошқа ҳудуддаги боғчага мунтазам олиб борган. Ҳодиса куни ҳам у бир нечта хонадондан болаларни йиғиб, боғчага олиб кетаётган бўлган.
Ҳайдовчининг суддаги кўрсатмасига кўра, у асосий йўлдан боғча жойлашган маҳаллага кириш учун чапга бурилиш чироғини ёққан. Бурилмоқчи бўлганида қарама-қарши томондан Гентра келаётганини кўриб, тўхтаган. Шундан сўнг Гентра Дамасга келиб урилган ва автомобиль ағдарилиб кетган.
ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи ҳушини йўқотган, 12 нафар бола эса турли тан жароҳатлари билан туман марказий шифохонасига ётқизилган. Улардан 2019 йилда туғилган қизалоқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай вафот этган. Суд-тиббий экспертиза унинг бош ва кўкрак соҳасидаги шикастлар ҳамда бошқа оғир қўшма жароҳатлар оқибатида вафот этганини қайд этган.
Қолган болаларнинг айримларига ҳаёт учун хавфли оғир, айримларига ўртача ва енгил тан жароҳатлари етгани аниқланган. Болаларнинг ота-оналари судда фарзандларининг аҳволи яхшилангани ва ҳайдовчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдирган.
Суд ҳукми билан А.Б. Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, у 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Ҳозирда суд ҳукмига кўра, ҳайдовчи 2 йиллик озодликдан маҳрум қилиш ва транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоларига тортилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!