Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Одирмон шаҳар археологик ёдгорлигида олиб борилган қазишмалар давомида диний маросимлар билан боғлиқ алтар (меҳроб) ва ноёб остодон аниқланди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Археологик тадқиқотлар жорий йилда илк бор Самарқанд археология институти ходими Санжар Абдурахимов томонидан олиб борилмоқда. Ёдгорликнинг шимоли-шарқий қисмидан топилган алтарнинг баландлиги 70 сантиметр, эни 90 сантиметрни ташкил этади. Унда ёнғин излари яхши сақланган.
Иншоотнинг пол қисмига пишган кафелсимон ғиштлар терилган, атрофи эса лой сувоқ билан қопланган. Сувоқ қатламларининг бир неча бор янгилангани алтардан узоқ вақт давомида фойдаланилганини ва у мунтазам таъмирланганини кўрсатади.
Ёдгорликдан топилган остодоннинг ташқи қисмида кийик ва арча дарахтига ўхшаш нақшлар акс этган. Мутахассислар тасвирларнинг мазмунини реставратсия ишлари якунлангач батафсил ўрганишни режалаштирмоқда.
Дастлабки хулосаларга кўра, Одирмон шаҳар ёдгорлиги милоддан аввалги III аср ва милодий III асрлар оралиғига оид. Археологларнинг фикрича, алтар ва остодон қадимги аҳолининг диний қарашлари, маросимлари ҳамда дафн анъаналарини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Мутахассислар археологик тадқиқотларни давом эттириш орқали ёдгорликнинг тарихий ва маданий аҳамиятини янада чуқурроқ ўрганишни мақсад қилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!