Суд ишларига аралашган мансабдорлар энди 5 йилгача қамоқ жазоси олиши мумкин
Ўзбекистонда суд ишларига аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Тегишли қонун 12-сентабрдан кучга кирди.
Қонун билан Жиноят кодексига тергов ва суд ишларига аралашганлик учун жавобгарликни аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилди. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс судга ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи янги норма билан тўлдирилди.
Жиноят кодексининг 236-моддасига кўра, тергов ишига ноқонуний аралашиш, яъни ишнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга ноқонуний таъсир ўтказиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Суд ишларини ҳал этишга ноқонуний аралашиш, жумладан, судьяга ёки халқ маслаҳатчисига ишнинг холис кўриб чиқилишига тўсқинлик қилиш ёки адолатсиз суд ҳужжати чиқарилишига эришиш мақсадида таъсир ўтказиш ҳам худди шундай жазога сабаб бўлади.
Агар ушбу ҳаракатлар мансабдор шахс томонидан содир этилса, унга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан бирга 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180-моддасига судга ҳурматсизлик билан боғлиқ қўшимча киритилди.
Унга кўра, судга қасддан келмаслик, раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунмаслик ёки суд мажлиси ёхуд суд биносида тартибни бузиш БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлади.
Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 24 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан эса 19 майда маъқулланган.
Ҳужжатнинг асосий мақсади судларнинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, шунингдек, судьялар фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олишдан иборат.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!