Россиянинг Мордовия Республикаси ва Самара вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқароси бўлган аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Омонулла Файзиев маълум қилди.
Қайд этилишича, болаларни Ватанга қайтариш жараёни Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан олиб борилган узоқ муддатли музокаралар натижасида амалга оширилган.
Консуллик ходимлари вояга етмаганларнинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги, мамлакатда уларнинг қариндошлари мавжудлиги ҳамда қайтариш учун зарур бўлган бошқа ҳуқуқий масалаларни ўрганган. Шунингдек, Россиянинг ваколатли идораларига тегишли ҳужжатлар тақдим этилиб, зарур тартиб-таомиллар бажарилган.
Натижада Мордовиядаги жазони ижро этиш муассасаси ҳудудида жойлашган болалар уйида бўлган вояга етмаганлар Бош консулхона дипломатлари ва Ўзбекистондан Россияга юборилган Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамроҳлигида қабул қилиб олиниб, Ўзбекистонга қайтарилган.
ТИВ маълумотига кўра, Россия ҳудудидаги жазони ижро этиш муассасалари қошидаги болалар уйларида бўлган Ўзбекистон фуқароларининг вояга етмаган фарзандларини Ватанга қайтариш бўйича ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!