15 сентябрь куни НАТО қирувчи самолётлари Литва ҳаво ҳудудига кирган дронни уриб туширди. Бу ҳақда Литва Президенти Гитанас Науседа маълум қилди.
Ҳодиса Вилнюс ва унинг атрофида ҳаво хавфи ҳақида огоҳлантириш эълон қилинганидан сўнг юз берган. Литва фавқулодда вазиятлар хизматлари маълумотига кўра, дрон мамлакатнинг марказий-жанубий қисмидаги Каунас шаҳри яқинида, Праткунай қишлоғи ҳудудида йўқ қилинган.
Литва Инқирозларни бошқариш маркази дрон Беларус ҳудудидан кириб келгани ва ғарб томон ҳаракатланганини билдирди.
Президент Науседа Россиянинг Украинага қарши уруши кучайиб бораётган бир пайтда бундай ҳодисалар минтақа хавфсизлиги учун жиддий таҳдид эканини таъкидлади.
Литва Ташқи ишлар вазири Кястутис Будрис эса мамлакат ҳаво ҳудудини ҳимоя қилишда ёрдам берган НАТО иттифоқчиларига миннатдорлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу воқеа алянснинг бирдамлиги ва ҳушёрлигини намойиш этган.
Шу билан бирга, Полша ҳам Россиянинг Украинага қарши дрон ҳужумлари фонида ҳарбий-ҳаво кучларини ишга туширди. 14 сентябрь куни Полша ҳарбийлари Болтиқ денгизи соҳилидаги Русиново қишлоғи яқинидан Россияга тегишли бўлиши мумкин бўлган дронни аниқлади.
Полша Мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камишнинг маълум қилишича, дастлабки текширувлар қурилма Россиянинг “Гербера” русумидаги ҳарбий дронига ўхшашини кўрсатган. Бундай аппаратлар одатда чалғитувчи нишон сифатида қўлланади, бироқ портловчи моддаларни ҳам олиб юриши мумкин.
Литва, Латвия ва Эстония Россия билан чегарадош НАТО давлатлари ҳисобланади. Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан буён ушбу мамлакатлар ҳаво ҳудудига дронларнинг кириб келиши билан боғлиқ бир неча ҳодиса қайд этилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!