Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида эрининг қонуний рафиқаси ва унинг икки қизига пичоқ билан ҳужум қилган 29 ёшли аёлга суд ҳукми ўқилди. Ҳужум оқибатида аёл ва унинг беш ёшли қизи вафот этган, уч ёшли қизи эса оғир жароҳатланган. Судланувчи 13 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 2026-йил 29-апрель куни соат 17:00 атрофида Ширин шаҳридаги Фарҳод маҳалласида содир бўлган. Шу куни соат 18:20 ларда ҳолат юзасидан шаҳар Ички ишлар бўлимига хабар келиб тушган.
Тергов маълумотларига кўра, 29 ёшли Н.Х. ва унинг шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи А.С. ўртасида рашк сабабли жанжал келиб чиққан. Шундан сўнг аёл онасининг уйидан ошхона пичоғини олиб, эркакнинг оиласи яшайдиган хонадонга борган ва унинг қонуний рафиқаси М.С. ҳамда икки қизига тан жароҳатлари етказган.
Оқибатда М.С. ва унинг беш ёшли қизи вафот этган. Уч ёшли қиз эса оғир аҳволда Ширин шаҳар тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Ҳодисадан кейин воқеа жойини тарк этган гумонланувчи қўлга олинган.
Судда аниқланишича, Н.Х. ва А.С. олти йилдан буён шаръий никоҳ асосида яшаб келган. Улар ўртасидаги келишмовчиликка эркакнинг қонуний рафиқаси фарзандли бўлаётгани, судланувчига эса фарзанд кўришга рухсат берилмагани билан боғлиқ ҳолатлар сабаб бўлган.
Суд Н.Х.ни қасддан одам ўлдириш ва одам ўлдиришга суиқасд қилиш жиноятларида айбдор деб топди. Унга жазоларни қисман қўшиш йўли билан 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!