Тошкент шаҳридаги ўқув марказларидан бирида сақланаётган катта миқдордаги пул маблағларини босқинчилик йўли билан қўлга киритишни режалаштирган тўрт кишидан иборат гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 1995 йилда туғилган гуруҳ ташкилотчиси муқаддам ушбу ўқув марказида қўриқчи бўлиб ишлаган. У марказда катта миқдорда пул сақланишини билгани сабабли, жиноятни амалга ошириш учун уч нафар танишини жалб қилган.
Режага кўра, собиқ қўриқчи марказ ичидаги вазиятни олдиндан ўрганиб, пул сақланадиган жой ҳақида шерикларига маълумот бериши керак бўлган. Гуруҳ аъзоларидан бири электр таъминотини узиши, ниқоб таққан қолган иштирокчилар эса орқа эшикдан бинога кириб, пулларни қопларга жойлаши ва ижарага олинган автомобилда олиб чиқиб кетиши режалаштирилган. Улардан бири гувоҳларни чалғитиш мақсадида аёллар кийимида бўлишни кўзлаган.
Гуруҳ аъзолари пулни қўлга киритгач, Фарғона вилояти орқали қўшни давлатлардан бирига чиқиб кетишни режалаштирган. Бироқ улар ўқув марказига кирганидан сўнг Тошкент шаҳар ИИББ ва Давлат хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари томонидан қўлга олинган.
Ушланганлардан ниқоблар, болға, қоплар, қўлқоплар, рациялар, эшикларни очишга мўлжалланган махсус мосламалар, калитларнинг нусхалари ҳамда хорижга чиқиш паспортлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!