Андижон вилояти Жалақудуқ туманида қоровулнинг иш ставкасини 0,6 дан 1 ставкага ошириб бериш эвазига 4,5 миллион сўм олган мактаб директори суд ҳукми билан айбдор деб топилди. Унга беш йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, бироқ жазо шартли деб ҳисобланиб, икки йиллик синов муддати белгиланган. Бу ҳақда “Дарё” суд ҳужжатларига таяниб хабар берди.
Суд ҳужжатларига кўра, 2022-йил декабридан буён мактаб директори лавозимида ишлаб келган Н.Т. 2026-йил апрель ойида Р.С.ни 0,6 ставкада қоровул сифатида ишга қабул қилган. Маълумотларга кўра, директор ишга қабул қилиш вақтида ундан 200 доллар сўраган, бироқ қоровулда пул бўлмагани сабабли маблағ берилмаган.
20-май куни Р.С. ойлиги камлигини айтиб, иш ставкасини оширишни сўраган. Директор бунинг эвазига 4,5 миллион сўм бериши кераклигини, акс ҳолда унинг ўрнига бошқа ходимни ишга олиши мумкинлигини билдирган. Шундан сўнг қоровул Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бошқармасига мурожаат қилган.
21-май куни ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари тезкор тадбир ўтказган. Қоровул мактаб ҳудудидаги қоровулхонада директорга кимёвий ишлов берилган 4,5 миллион сўмни топширган. Кейинчалик пул директорнинг Траcкер автомобили қўлқоп қутисидан ашёвий далил сифатида олинган.
Судда Н.Т. айбига иқрор бўлган, бироқ қоровулдан пул талаб қилмаганини, маблағни мактабга ҳомийлик сифатида олишни таклиф қилганини билдирган.
Жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман суди Н.Т.ни Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбдор деб топган. У икки йил муддатга давлат ёки давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Беш йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли деб ҳисобланиб, икки йиллик синов муддати белгиланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!