АҚШ ҳарбийлари 27-октабр куни Тинч океанининг шарқий қисмида наркотик моддалар ташишда гумон қилинган қайиққа зарба берди. Ҳужум оқибатида беш киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари Жанубий қўмондонлиги Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Қўмондонлик баёнотига кўра, разведка маълумотлари қайиқ наркотик моддалар савдоси йўналишида ҳаракатланганини кўрсатган. Ҳарбийлар ҳалок бўлганларни “наркотеррорчилар” деб атаган.
Бироқ АҚШ томони қайиқда гиёҳванд моддалар бўлганини тасдиқловчи далилларни очиқламаган. Х ижтимоий тармоғида эълон қилинган видеода сувдаги кичик қайиқ портлашдан сўнг аланга ичида қолгани акс этган.
Мазкур ҳужум АҚШ ҳарбийларининг Кариб денгизи ва Тинч океанида наркотик моддалар ташишда гумон қилинган кемаларга қарши операциялари доирасида амалга оширилган. Маълумотларга кўра, 2025 йил сентабридан буён бундай ҳужумларда камида 240 киши ҳалок бўлган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти операцияларни мамлакатга наркотик моддалар олиб кирилишига қарши кураш билан изоҳламоқда. Бироқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва БМТнинг мустақил экспертлари бундай ҳужумларни судсиз ўлдириш ҳолатлари сифатида танқид қилган. Улар, шунингдек, нишонга олинган шахсларнинг наркотик савдосига алоқадорлигини тасдиқловчи етарли далиллар оммага тақдим этилмаганини таъкидламоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!