Тошкент тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ҳусан Асадовнинг турмуш ўртоғи Гулнора Асадовани Туманлараро перинатал маркази мудири лавозимига тайинлаш юзасидан хизмат текшируви бошланди. Бу ҳақда Коррупсияга қарши курашиш агентлиги “Дарё”га маълум қилди.
Буйруқ нусхасига кўра, Гулнора Асадова 12-октябрдан лавозимга тайинланган. Ҳужжатда Меҳнат кодексининг 122 ва 127-моддалари ҳамда у билан тузилган меҳнат шартномаси асос сифатида кўрсатилган.
Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳам ҳолат назоратга олинганини билдирди. Бошқарма маълумотига кўра, Меҳнат кодексининг 121-моддасида яқин қариндошларнинг бевосита бўйсуниш ёки назорат остида ишлашига доир чекловлар белгиланган. Ўрганиш якунларига кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши маълум қилинган.
Шунингдек, мудирлик лавозими учун ҳужжат топширган номзодлардан бири “Дарё”га танлов жараёнида уч нафар шифокорга босим ўтказилганини айтган. Унинг таъкидлашича, у номзодини қайтариб олиш ҳақидаги телефон қўнғироғидан сўнг бунга рози бўлмаган. Кейинчалик АРГОС платформасидаги талабларга илмий фаолият ёки илмий даражага эга бўлиш шарти қўшилгани сабабли номзодлар танловдан чиқарилган. Бу иддаолар юзасидан расмий хулоса келтирилмаган.
Айни пайтда тайинловнинг қонунийлиги ва танлов жараёни бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!