Тошкент шаҳридаги ўқув марказларидан бирида сақланаётган катта миқдордаги пул маблағларини босқинчилик йўли билан қўлга киритишни режалаштирган тўрт кишидан иборат жиноий гуруҳ ушланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 1995 йилда туғилган собиқ қўриқчи ўқув марказининг ички тартиби ва хавфсизлик тизимини яхши билгани сабабли ушбу жойни нишонга олган. У режани амалга ошириш учун уч нафар танишини ҳам гуруҳга жалб қилган.
Режага кўра, собиқ қўриқчи марказдаги вазиятни олдиндан ўрганиб, шерикларига пул сақланадиган жой ҳақида маълумот бериши керак бўлган. Гуруҳ аъзоларидан бири электр таъминотини узиши, қолганлари эса ниқоб тақиб, орқа эшикдан бинога кириши ва пулларни қопларга жойлаб, ижарага олинган автомобилда олиб чиқиб кетиши режалаштирилган. Шунингдек, улар хавфсизлик камералари ва сигнализация тизимини ҳам ҳисобга олган. Гуруҳ аъзоларидан бири жиноятни яшириш ва гувоҳларни чалғитиш мақсадида аёллар кийимида бўлишни ҳам режалаштирган.
Бундан ташқари, гумонланувчилар пулни қўлга киритгач, Фарғона вилояти орқали қўшни республикалардан бирига чиқиб кетишни кўзлаган.
Бироқ Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирлар натижасида босқинчиликнинг олди олинган. Гуруҳ аъзолари жиноятни амалга ошириш вақтида қўлга олинган.
Улардан ниқоблар, болға, қоплар, қўлқоплар, рациялар, эшикларни очишга мўлжалланган махсус мосламалар, калит нусхалари ҳамда хорижга чиқиш паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!