$
12844.21 UZS
-11.72
127.35 UZS
-0.81
13508.26 UZS
-62.46
15° Кечаси

1 июлдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

10:30 / 01.07.2022

Xabardor.uz Ўзбекистон қонунчилигида 2022 йил 1 июлдан кучга кирадиган ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади.

Миллий қонунчиликда қуйидаги асосий ўзгаришлар амалга ошади:

1. Қорақалпоғистоннинг айрим туманларига бориб ишловчи шифокорларнинг ойлик лавозим маошига 100 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама тўланади

Вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан, шунингдек, хорижий давлатлардан Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғирот туманларига бориб ишловчи шифокорларнинг ойлик лавозим маошига дастлабки уч йил давомида 100 фоиз, Мўйноқ туманида эса 200 фоиз миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама тўловлари тўланади.

Бунда, мазкур бандда кўрсатилган устамани олиш учун шифокор бошқа ҳудудда камида икки йил ишлаган ҳамда камида иккинчи даражали малака тоифасига эга бўлган бўлиши лозим.

2. Давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан бир қатор ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади

Давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда, пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (ЯММТ ИДАК)га киритиш хизмати жорий этилади.

Давлат пенсияларини тайинлаш ЯММТ ИДАКга киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Бунда, меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ЯММТ ИДАКдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади.

Шунга кўра, давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади.

3. “Тонировка”

Президент қарорига мувофиқ, 1 июлдан бошлаб:

  1. автомобилларнинг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш текин бўлади;
  2. орқа ва олд ён ойналари тусини ўзгартириш нархи 2,4 миллион сўм этиб белгиланади.

4. Олис ва чекка ҳудудларда фаолият юритаётган шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 млн сўм миқдорида ҳар ойлик устама тўланади

Президент қарорига кўра, олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 млн сўм миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади.

5. “Туризм маҳалласи” мақоми берилган фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги тадбиркорларга имтиёз берилади

“Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақоми берилган фуқаролар йиғинлари ҳудудларида меҳмон уйлари, овқатланиш, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1% этиб белгиланади.

Шунингдек, ушбу ҳудудлардаги майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари (шу жумладан, улар эгаллаган ер участкалари) бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 90 фоизга камайтирилади.

6. Божхона божлари бўйича имтиёзлар фақатгина Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан берилади

Божхона божлари бўйича имтиёзлар фақатгина Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан берилади. Бунда, Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши хулосаси олиниши мажбурий ҳисобланади.

7. “Шаффоф йўл” платформаси тест режимида ишга туширилади

Автомобил йўллари соҳасига тегишли маълумотлар базасини ўз ичига олган “Шаффоф йўл” платформаси тест режимида ишга туширилади.

“Шаффоф йўл” платформасининг алоҳида саҳифаси орқали аҳолининг йўллар носозлиги, шунингдек, йўлларда ва йўл бўйида хавфсиз ҳаракатланиш учун юзага келган фавқулодда техник муаммолар (светофорлар ва йўл белгилар ўрнатилмаганлиги ёки уларнинг шикастланганлиги, табиий офатлар натижасида юзага келадиган ҳодисалар ортидан ҳосил бўладиган оқибатлар) ҳақида фото- ва видеомурожаатлар — жамоатчилик фикри асосида шакллантирилади.

8. Барча халқаро аэропортлар ҳудудида авиаспоттинг билан шуғулланиш имконияти яратилади

Ҳукумат қарорига асосан барча халқаро аеропортлар ҳудудида авиаспоттинг билан шуғулланиш учун кузатиш майдончалари тўлиқ фаолият кўрсатади.

Авиаспоттинг — белгиланган тартибга асосан аеропортларда ҳаво кемалари ҳаракатини ҳамда парвозини кузатиш, шунингдек уларни профессионал ва ҳаваскорлар (авиаспоттерлар) томонидан фото, видеотасвирга олишни амалга ошириш фаолияти.

9. Барча давлат ташкилотлари фаолиятида Коррупсияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади

Президент қарорига асосан коррупсияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган Коррупсияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилади.

10. Давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши аъзоларига ҳақ тўлаш тартиби жорий этилади

Давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши аъзоларини рағбатлантириш ва ижро органи аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича ягона рағбатлантириш сиёсати жорий этилади. Бунда, ижро органи аъзоларига ойлик иш ҳақи ва йил якунлари бўйича бирйўла тўланадиган мукофот тўловлардан ташқари ҳар қандай қўшимча тўлов турлари бекор қилинади.

11. Ўлимни қайд қилиш бўйича қуйидагилардан иборат композит хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилади

Президент фармонига асосан 2022 йил 1 июлдан бошлаб бутун республика ҳудудида ўлимни қайд қилиш бўйича қуйидагилардан иборат композит хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилади. Бунда, вафот этганлик тўғрисидаги тиббиёт маълумотномаси вафот этган шахснинг яқин қариндошлари аризасига асосан ФҲДЁ органи томонидан уларга қоғоз шаклида берилади.

Шунга кўра, тиббиёт муассасалари томонидан ўлим ҳақида тиббий гувоҳнома бериш тартиби бекор қилиниб, фақат электрон тизим орқали ўлим ҳақида тиббий маълумотнома шакллантириш тартиби жорий этилади.

12. Касаначиларга даромад солиғи бўйича имтиёз берилади

2022 йил 1 июлдан бошлаб касаначиликни меҳнат шартномаси билан бир қаторда ишларни бажариш, товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар, шу жумладан пудрат шартномаси асосида ташкил этишга рухсат этилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январга қадар:

  • касаначиларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи касаначиликдан олинадиган жами даромадни 50 фоизга, бироқ ҳисобот даври (бир ой)да кўпи билан бир миллион сўмгача камайтирган ҳолда ҳисобланади;
  • касаначилар ижтимоий солиқ тўловини ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган тартибда амалга оширади;
  • олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субектларига ҳар бир касаначининг дастлабки уч ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.

13. 6 турдаги лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишдаги айрим талаб ва шартлар бекор қилинади

Президент фармони билан 2022 йил 1 июлдан айрим талаб ва шартлари бекор қилинаётган лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди.

14. Театр ходимларининг лавозим маошлари оширилади

Президент қарорига кўра, театр ходимлари лавозим маошларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг базавий лавозим маошлари миқдорига ҳамда Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коеффициентлари миқдори Давлат бюджети ҳисобидан 1,5 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.

15. Оилавий болалар уйларига Давлат бюджетидан маблағ ажратишнинг янги тартиби жорий этилади

Президент қарори билан оилавий болалар уйларининг сақлаш харажатлари учун Давлат бюджетидан маблағ ажратишда бир нафар тарбияланувчига тўғри келадиган харажатлар миқдори ҳамда болалар сонидан келиб чиқиб, зарур маблағлар ота-оналар номига очилган банк пластик карталарига ўтказиб берилади.

Шунингдек, оилавий болалар уйларида бир нафар тарбияланувчи учун Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ойлик харажатлар таркибига коммунал харажатлар ҳам киритилади. Оилавий болалар уйлари томонидан истеъмол қилинган коммунал хизматлар учун тўловлар жисмоний шахслар учун белгиланган нархларда амалга оширилади.

16. Бир божхона постида уч йилдан ортиқ хизмат ўтаган ходимларни ротация қилиш тартиби жорий этилади

Божхона органларини коррупсиядан холи тизимга айлантириш дастури доирасида бир божхона постида уч йилдан ортиқ хизмат ўтаган ходимларни ротация қилиш тартиби жорий этилади.

17. Давлат мулклари бўйича тузилган ижара шартномаларининг амал қилиш муддати тугаганда келгуси давр учун узайтирилмайди ва электрон савдоларга чиқарилади

Президент қарорига кўра, амал қилиш муддати тугаган, электрон савдолар орқали расмийлаштирилмаган ижара шартномаларининг муддати (Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматнинг тегишли қарорлари асосида ва кичик саноат зоналари ҳудудидаги давлат мулки бўйича тузилган ижара шартномалари бундан мустасно) келгуси давр учун узайтирилмайди ва ушбу шартномалар бўйича тадбиркорлик субектларига ижарага берилган давлат мулклари, балансда сақловчиларнинг розилиги талаб қилинмасдан 2022 йил 1 июлдан бошлаб электрон савдоларга чиқарилади.

18. Давлат музейларига ҳар куни соат 22:00 гача ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади

Президент қарорига асосан давлат музейларига ҳар куни соат 22:00 гача ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади, шунингдек, заруратга кўра, давлат музейлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тунги иш вақти муддатларини белгилаши мумкин бўлади.

Пулли хизматлар кўрсатишда иштирок этган музей ходимларига қўшимча тўловлар тўланади ва улар моддий рағбатлантирилади, қўшимча тўловлар тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби музейлар томонидан уларнинг юқори турувчи органи билан келишган ҳолда белгиланади.

19. “Паррандасаноат” уюшмасига аъзо бўлган паррандачилик хўжаликларига субсидия берилади

“Паррандасаноат” уюшмасига аъзо бўлган паррандачилик хўжаликларига 2022 йил 1 июлдан бошлаб 2024 йил 1 январга қадар даврда паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун давлат томонидан 12 минг сўмдан субсидия ажратилади.

20. Очиқ маълумотлар давлат органлари расмий веб-сайтининг бош саҳифасида алоҳида бўлимга жойлаштириш талаб этилади

Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган маълумотларни давлат органлари ва ташкилотлари расмий веб-сайтининг бош саҳифасида алоҳида бўлимга жойлаштириш талаб этилади. Ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар расмий веб-сайтнинг бошқа саҳифасига (веб-манзилга) жойлаштирилган тақдирда, улар эълон қилинмаган деб ҳисобланади ва Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича методиканинг баҳолаш мезони бажарилмаган деб топилади.

21. Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида ер майдонларини ижарага бериш бўйича ауцион тартиби ўзгаради

Президент фармонига кўра, махсус иқтисодий зоналар ҳудудида ауционга чиқарилган ер майдонларини ижарага бериш бўйича ауционда бир иштирокчи қатнашган тақдирда ҳам савдолар ўтказилган ҳисобланади.

Шунингдек, ҳукумат қарори лойиҳасида 2022 йил 1 июлдан электр энергия ва газ истеъмоли учун нархларни “ижтимоий норма” асосида белгилаш таклиф этилмоқда. Ҳужжат юзасидан муҳокамалар якунланган. Аммо у қабул қилинадими ёки йўқ, буниси ҳозирча номаълум.


Бу ҳам қизиқ

Пойтахтнинг айрим кўчалари вақтинча ёпилади

Пойтахтнинг айрим кўчалари вақтинча ёпилади

Бу ҳақда “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” МЧЖ матбуот хизмати хабар берди.
21:39 / 21.11.2024
Байден Нетаняхуни ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерни “даҳшатли” деб атади

Байден Нетаняхуни ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерни “даҳшатли” деб атади

Кеча, 21 ноябрь куни Халқаро жиноят суди Нетаняху ва Галантни Ғазо секторидаги ҳарбий жиноятлари учун ҳибсга олиш тўғрисида …
09:38 / 22.11.2024
Қобул Дусовга 1 йиллик уй қамоқ жазоси тайинланди

Қобул Дусовга 1 йиллик уй қамоқ жазоси тайинланди

Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
17:39 / 22.11.2024
Трамп Адлия вазирини Бош прокурор қилмоқчи

Трамп Адлия вазирини Бош прокурор қилмоқчи

Бу ҳақда президент ўзининг “Truth Social” ижтимоий тармоғида ёзган.
10:01 / 22.11.2024
Газ харажатларини онлайн кузатиш имконини берувчи мобил илова ишга туширилди

Газ харажатларини онлайн кузатиш имконини берувчи мобил илова ишга туширилди

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан аҳоли истеъмолчиларининг табиий газ сарфи ва харажатларини онлайн кузатиш имконини берувчи “…
14:24 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди

Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, хусусан, театрларнинг жамият маданий ҳаё…
19:21 / 22.11.2024
“Тошшаҳартрансхизмат”га янги раҳбар тайинланди

“Тошшаҳартрансхизмат”га янги раҳбар тайинланди

Саттаров шу йилнинг февраль ойида ўғирлик ва расмий сохталаштиришда гумон қилиниб ҳибсга олинган Анвар Жураевнинг ўрнини эга…
21:50 / 22.11.2024
Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тайинлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади

Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тайинлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2024 йил 21 ноябрдаги тегишли қарорлари билан Ўзбекистон Респуб…
17:23 / 21.11.2024
Тошкентда сохта ИИО ходимлари ушланди

Тошкентда сохта ИИО ходимлари ушланди

Муқаддам бир неча бор судланган бу икки шахс олдидан кучли таъсир қилувчи дорига ўхшаш моддалар топилган.
11:37 / 22.11.2024
Эртага Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида электр таъминоти вақтинча тўхтатилади

Эртага Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида электр таъминоти вақтинча тўхтатилади

Бу ҳақда “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” МЧЖ ахборот хизмати хабар берди.
22:39 / 21.11.2024

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!