Тошкент шаҳар солиқ бошқармасининг собиқ бошлиғи Юнусжон Насимжоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, иш судга оширилган. Бу ҳақда «Дарё» суд мажлисига тайинланган ишлар рўйхатидан маълум қилди.
Суд ҳужжатларига кўра, Насимжонов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда 205-моддаси 2-қисми «а» банди — ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланмоқда.
Юнусжон Насимжонов 2021–2026-йилларда Тошкент шаҳар солиқ бошқармасига раҳбарлик қилган. 2026-йил 27-январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда уни лавозимидан озод этиш ва фаолиятини ўрганиш топширилган.
Шу йиғилишда Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспексияси бошлиғи ҳам лавозимидан озод этилганди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Ғаниевга нисбатан ҳам жиноят иши кўрилмоқда.
Суд ҳужжатларига кўра, Ғаниев Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди ҳамда 223-моддаси 2-қисмининг «в» ва «г» бандларида назарда тутилган қилмишларда айбланмоқда.
Ғаниев ҳам 27-январдаги йиғилишдан сўнг лавозимидан озод этилган. Йиғилишда унинг айрим тадбиркорларга солиқдан бўйин товлаш йўлларини кўрсатгани ҳақида маълумот берилганди.
Насимжонов ва Ғаниевга оид жиноят ишларини 21-сентабр куни Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида кўриб чиқиш белгиланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!