Ҳодиса 30 сентябрь куни Дубайдан Тель-Авив учаётган FZ 1073 рейси бортида юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, иккинчи пилот кабинада капитан Маччҳарга ҳужум қилган. Тўқнашув вақтида самолёт бошқарувини йўқота бошлаган.
Маччҳарнинг айтишича, у оғир жароҳатланганига қарамай, қаршилик кўрсатишда давом этган. Чунки у вазият назоратдан чиқса, бортдаги барча йўловчилар ҳаёти хавф остида қолишини тушунган.
«Мен ўша пайтда ҳаётим учун курашаётган эдим. Оғир жароҳат олиб, йиқилиб тушдим. Ўшанда хаёлимдан: ъАгар яна оёққа тура олмасам-чи?ъ деган фикр ўтди», — деди учувчи Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан видеомулоқотда.
«Самолёт пастга шўнғиётганини ҳис қилдим»
17 йилдан бери парвоз қилаётган, шундан 11 йил давомида ҳаво кемаси командири бўлиб ишлаган Маччҳар самолётдаги вазиятни кабина полида ётган ҳолатда ҳам англаганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, самолёт пастга шўнғий бошлаганини сезган ва вазиятнинг оқибати қандай бўлишини тушунган.
«Полда ётганимда самолёт пастга шўнғиётганини ҳис қилдим. Бунинг нима билан якунланишини тушуниб турардим. Эшик жуда яқин эди. Мени калтаклашда давом этишаётганига қарамай, эшикни очдим. Шундан сўнг ичкарига бошқалар кириб келди», — деди у.
Капитан йўловчиларнинг ҳаракатлари ҳам ҳодисанинг оғир оқибатлар билан якунланишининг олдини олишда муҳим бўлганини таъкидлади.
«Уларнинг воқеадаги роли меникидан кам бўлмади. Мен ўз ҳаётимни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилдим. Аммо шунча одамнинг ҳалок бўлишига йўл қўя олмаслигимни ҳам тушунардим», — деди Маччҳар.
Самолёт Саудия Арабистонига қўнди
Воқеа вақтида бир неча йўловчи кабинага кириб, ҳужумчини зарарсизлантиришга уринган. Кейинчалик самолёт бошқарувини бортдаги бошқа учувчилар ўз зиммасига олган.
Ҳаво кемаси Саудия Арабистонига фавқулодда қўндирилди. Оғир жароҳатланган Маччҳарга дастлаб Саудия Арабистонида тиббий ёрдам кўрсатилган. Кейинчалик у Абу-Дабидаги шифохонага олиб ўтилган ва даволанишни давом эттирмоқда.
Маълумотларга кўра, учувчи ҳодиса вақтида кўп миқдорда қон йўқотган ва турли оғир жароҳатлар олган.
Иккинчи пилот бўйича тергов
Ҳужумда гумон қилинаётган иккинчи пилот ҳам Саудия Арабистонидан БААга олиб ўтилган. Унга нисбатан терроризм моддаси бўйича тергов олиб борилаётгани маълум қилинган.
БАА Президентининг дипломатик масалалар бўйича маслаҳатчиси Анвар Гаргаш ҳодисани «хавфли террорчилик ҳаракати» деб атаган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху эса гумонланувчи Уммон фуқароси эканини билдирган. Бироқ унинг шахси расман ошкор қилинмаган. Ҳужум сабаби, шунингдек, воқеа вақтида қандай қурол ишлатилгани ҳам ҳозирча расман аниқлаштирилмаган.
Нетаньяху ҳужумчи пичоқ ёки болта ишлатган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
Ҳодиса тафсилотлари текширилмоқда
Воқеадан сўнг самолёт бортидан олинган дастлабки фото ва видеолар ижтимоий тармоқлар ҳамда ОАВда тарқалган. Шунингдек, дастлаб учувчиларнинг фуқаролиги ва ҳодисанинг сабаблари бўйича турли версиялар илгари сурилган.
Кейинчалик жароҳатланган капитан Ҳиндистон фуқароси Смит Маччҳар экани маълум бўлди.
Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари самолёт бортида юз берган воқеанинг барча тафсилотларини, ҳужум сабаби ва гумонланувчининг ҳаракатларини ўрганмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!