Наманган вилоятининг Косонсой туманида Телеграм орқали фуқароларга кам фоизли кредит ваъда қилиб, улардан 250 миллион сўмдан ортиқ пул олганликда гумонланаётган шахс ушланди. Бу ҳақда Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, гумонланувчи Телеграм мессенжерида “Микрокредит” номли сохта саҳифа очиб, фуқароларга кредит таклиф қилган. Кредитни расмийлаштириш баҳонасида улардан олдиндан банк карталарига пул ўтказишни сўраган. Маблағлар ўтказилганидан сўнг эса кредит ажратилмаган ва фуқаролар билан алоқа узилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу ҳолат оқибатида етказилган зарар 250 миллион сўмдан ошган. Гумонланувчи аввал ҳам фирибгарлик учун судланганини, фуқаролардан олган пулларини шахсий эҳтиёжларига сарфлаганини билдирган.
Наманган вилояти ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гумонланувчи қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси учинчи қисмининг “б” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда терговга оид процессуал ҳаракатлар давом этмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!