2026 йилда Ўзбекистонда илк бор 5 миллион тоннадан ортиқ пахта хомашёси етиштирилди. Президент Шавкат Мирзиёев деҳқон ва фермерларга йўллаган табригида ушбу натижани Янги Ўзбекистон тарихидаги рекорд кўрсаткич сифатида қайд этди.
Президент табригига кўра, сўнгги йилларда пахта экиладиган майдонлар 38 фоизга қисқартирилганига қарамай, ҳосилдорлик гектарига 21 центнердан 56 центнерга етган. Жорий йилда қарийб 400 минг гектар майдонда ўртача ҳосилдорлик 70 центнерни, салкам 70 минг гектарда эса 100–110 центнерни ташкил этган.
Рекорд ҳосилга эришишда пахтачиликда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси, маҳаллий шароитга мос серҳосил навлар, замонавий агротехнологиялар ҳамда сув тежовчи усулларнинг жорий этилиши муҳим омиллар сифатида кўрсатилмоқда.
Шунингдек, пахта етиштириш тизимида иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилди. 2020 йил ҳосилидан бошлаб давлат буюртмаси бекор қилиниб, пахтанинг харид нархини давлат томонидан белгилаш амалиётига барҳам берилди. Бу фермерларнинг иқтисодий манфаатдорлигини ошириш ва бозор муносабатларини кенгайтиришга қаратилган эди.
Пахта теримида механизациялаш даражаси ҳам ошди. Жорий йилда ҳосилнинг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ замонавий пахта териш машинаси ёрдамида 30–35 кун ичида йиғиб олинди. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида механизациялашган терим даражаси 100 фоизга етди. Сув тежовчи технологиялар ҳисобига пахтачиликда сув сарфи 1990 йилларга нисбатан икки баравар камайгани ҳам қайд этилган.
Ислоҳотлар меҳнат муносабатларида ҳам ўзгаришларга олиб келди. Халқаро меҳнат ташкилоти 2022 йилда Ўзбекистонда 2021-йилги пахта мавсумида тизимли болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилганини маълум қилган. Шундан сўнг ўзбек пахтасига нисбатан халқаро бойкот ҳам бекор қилинган.
Пахтачиликдаги ўзгаришлар қайта ишлаш саноатида ҳам акс этмоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон тўқимачилик саноатида банд бўлганлар сони 2018 йилдаги 188 минг нафардан 2024 йилда қарийб 600 минг нафарга етган.
Жорий йилда фермер хўжаликлари пахта етиштиришдан 13–14 триллион сўм соф фойда олиши кутилмоқда. Келгуси йил учун эса ҳосилдорликни ўртача 65–70 центнерга етказиш, агродронлар, сунъий интеллект ва сув ҳамда энергия тежовчи технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш мақсад қилинган.
Шундай қилиб, 5 миллион тоннадан ортиқ пахта ҳосили соҳада ҳосилдорлик, механизация ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгаришлар фонида қайд этилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!