КИРИЛЛЧА
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлигига бағишланган мақоласи эълон қилинди
Корея Республикасининг етакчи нашрларидан бири — The Chosun Dailyда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажак сари интилаётган ҳамкорлик” номли мақоласи эълон қилинди.
Мақолада икки мамлакат ўртасидаги тарихий ришталар, стратегик шериклик, савдо-инвестиция алоқалари ҳамда ҳамкорликни янги технологик босқичга олиб чиқиш истиқболлари ҳақида сўз юритилган.
Қайд этилишича:
— сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми 5 баробарга ошган;
— Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари 8 миллиард доллардан ошган;
— айни пайтда мамлакатимизда Корея капитали иштирокида 700 дан зиёд қўшма корхона ва лойиҳалар амалга оширилмоқда;
— KOICA, Корея Эксимбанки ва EDCF билан ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 3,5 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади;
— 2025 йилда Марказий Осиё давлатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти 500 миллиард доллардан ошган.
Президент икки мамлакат иқтисодиётининг ўзаро тўлдирувчанлиги янги ўсиш драйверларини яратиш учун катта имконият беришини таъкидлаган. Шунингдек, ҳамкорликни умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантириш даражасига олиб чиқиш муҳимлиги қайд этилган.
Мақолада сунъий интеллект, яримўтказгичлар, робототехника, электр транспорт воситалари, биофармацевтика, ақлли қишлоқ хўжалиги ва “ақлли шаҳарлар” истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида кўрсатилган.
Бундан ташқари, таълим ва инсон капиталига инвестиция киритиш, академик алмашинув ҳамда қўшма илмий тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.
Президент, шунингдек, “Марказий Осиё — Корея Республикаси” саммити нафақат Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги, балки бутун минтақа билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим платформа эканини қайд этган.
Мақолада Ўзбекистон ушбу формат доирасида сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва шерикликнинг янги механизмларини шакллантиришга қаратилган ташаббусларни илгари суриши қайд этилган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик нафақат икки томонлама муносабатларни, балки Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, инновация ва умумий тараққиёт учун янги имкониятларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Маълумот учун: The Chosun Daily — 1920 йилда ташкил этилган “Chosun Ilbo” медиагуруҳи таркибидаги нашр бўлиб, Корея Республикасидаги йирик ахборот платформаларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!