Россия ва Шимолий Корея ўртасида Туманган дарёси устидан ўтувчи илк автомобиль кўприги фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Россиянинг ТАСС давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Узунлиги қарийб бир километр бўлган икки қаторли кўприк Россиянинг Хасан шаҳри яқинидаги ҳудудларни Шимолий Кореянинг Расон шаҳри билан боғлайди. Янги транспорт йўлаги икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва логистика алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Кўприкнинг очилиш маросимида Россия Бош вазири Михаил Мишустин ва Шимолий Корея Бош вазири Пак Тхе Сон видеомулоқот орқали иштирок этди.
Мишустиннинг таъкидлашича, янги транспорт йўлаги Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-технологик ҳамда маданий ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Янги автомобиль кўприги 1959 йилда фойдаланишга топширилган “Дўстлик кўприги” темирйўл иншооти яқинида қурилган. Шу тариқа икки давлат ўртасидаги мавжуд темирйўл қатновига автомобиль транспорти йўналиши ҳам қўшилди.
Кўприк қурилиши 2025 йил апрелида бошланган. Лойиҳа 2024 йилда Россия Президенти Владимир Путиннинг Шимолий Кореяга ташрифи чоғида эришилган келишувлар асосида амалга оширилган.
Сўнгги йилларда Москва ва Пхенян ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқалар сезиларли даражада кучайди. Янги кўприк икки давлат ўртасидаги транспорт, савдо ва логистика алоқаларини янада ривожлантириши кутилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!