Бухоро шаҳрида Малибу-2 ҳайдовчиси тезлик чеклови 60 км/соат бўлган ҳудудда 201 км/соат тезликда ҳаракатланди. Автомобилнинг давлат рақам белгиларини ечиб, салонига қўйган ҳайдовчи тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, автомобилдаги йўловчи қоидабузарлик ҳолатини видеога олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган. ЙҲХБ ходимлари ўтказган суриштирув ишлари натижасида ҳайдовчи ва автомобил аниқланган.
Ҳайдовчи давлат рақам белгиларини шериги билан келишган ҳолда ечиб, автомобил салонига қўйганини тан олган. У содир этган қоидабузарлиги учун афсусда эканини билдириб, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини айтган.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-3-моддаси 4-қисми — белгиланган тезликни ошириш ҳамда 125-моддаси 5-қисми — давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситасини бошқариш бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Автомобил вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган. Ҳозирча ҳайдовчига нисбатан қўлланилган якуний маъмурий жазо ҳақида маълумот берилмаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!