Германия пойтахти Берлинда 20-сентабр куни бўлиб ўтган штат сайловида Элиф Эралп етакчилигидаги Сўл партияси энг кўп овоз олди. Партия сайлов кампаниясида уй-жой нархларини пасайтириш ва йирик хусусий уй-жой компанияларини давлат тасарруфига ўтказишни илгари сурган.
Дастлабки натижаларга кўра, Сўл партияси 25,3 фоиз овоз тўплаган. Христиан-демократик иттифоқи (CДУ) 19 фоиз билан иккинчи, ўнг популистик «Германия учун алтернатива» (АфД) 16 фоиз билан учинчи ўринни эгаллаган. Сотсиал-демократик партия (СПД) эса 12,1 фоиз овоз олган.
Овозларни санаш 20-сентабр кечқурун ҳам давом этган бўлса-да, Сўл партиясининг CДУни ортда қолдиргани маълум бўлган. Натижа Эралпга Германия 1990-йилда бирлашганидан бери Сўл партиядан Берлиннинг биринчи мери бўлиш имконини яратади.
«Бугундан бошлаб Берлинни биргаликда ўзгартирамиз», — деди Эралп партия тарафдорлари олдидаги чиқишида.
45 ёшли Элиф Эралп сайловдан кейинги баёнотида Берлинда ижара уйларининг қимматлашишини шаҳардаги энг долзарб ижтимоий муаммолардан бири сифатида қайд этди. У 2021-йилги референдумда қўллаб-қувватланган йирик уй-жой компанияларини давлат тасарруфига ўтказиш ташаббусини амалга оширишга ваъда берди.
2021-йилда Берлинда ўтказилган референдумда сайловчиларнинг 58 фоизи йирик уй-жой компанияларининг кўчмас мулкини давлат тасарруфига ўтказишни қўллаб-қувватлаган. Ушбу режа тахминан 220 мингта уй-жойни давлат мулкига ўтказишни назарда тутади.
Бироқ ташаббусни амалга оширишнинг молиявий жиҳатлари ҳамон ноаниқ. СПД бош котиби Тим Клюссендорф уй-жой компанияларини давлат тасарруфига ўтказиш тахминан 20 миллиард еврога тушиши мумкинлигини айтган. Инфратест Димап сўровига кўра, респондентларнинг 37 фоизи бундай ташаббусни қўллаб-қувватлаган.
Эралп Туркиядан келиб чиққан оилада туғилган. Унинг ота-онаси 1980-йилдаги Туркиядаги давлат тўнтаришидан сўнг Германияга кўчиб келган.
Сўл партияси Берлин парламентида ҳукумат тузиш учун коалитсия масаласини ҳал қилиши керак. СПД ва «Яшиллар» партияси Сўл партияси билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.
Бироқ «Яшиллар» раҳбари Феликс Банасзак Сўл партиясининг айрим аъзоларига нисбатан илгари сурилган антисемитизм ҳақидаги айбловларга аниқлик киритилиши кераклигини айтди.
«Антисемитизмга қарши курашиш бўйича аниқ мажбурият керак. Акс ҳолда, биз билан ҳамкорлик амалга ошмайди», — деди Банасзак.
Сўл партияси эса антисемитизм, ирқчилик ва гуруҳларга нисбатан адоватнинг бошқа шаклларига қарши эканини билдиради ва тизимли антисемитизм ҳақидаги айбловларни рад этади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!