Сурхондарё вилоятида университетнинг учинчи босқичида таҳсил олаётган талаба аёл туғилмаган фарзандини 1,5 минг долларга сотишга уринган. Суд ҳужжатларига кўра, у пулни ўқишининг йиллик контракт тўловига сарфлашни режалаштирган.
Суд ҳужжатида келтирилишича, Термиз шаҳридаги университет талабаси Ж.С. жорий йил бошида туғилиши кутилаётган ўғлини сотиш учун харидор қидирган. Январ ойининг бошларида у Ж.Г. исмли аёл билан танишган.
Ж.С. унга ҳали туғилмаган фарзандини сотмоқчи эканини айтган ва бунинг учун 1,5 минг доллар олишга келишган.
15-январь куни Ж.С. Термиз туманидаги туғруқхона биносида келишилган пулни олаётган вақтида вилоят ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Жиноят иши 26-март куни Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судида кўриб чиқилган. Суд мажлисида Ж.С. айбига иқрор бўлган. У ҳомиладор бўлиб қолганидан оила аъзолари бехабар бўлганини билдирган.
Суд ҳукмига кўра, Ж.С. Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (одам савдоси) билан айбдор деб топилган. Унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.
Маълумот учун, аввалроқ Сурхондарёда 2014-йилда туғилган фарзандини 40 миллион сўмга сотишга уринган 30 ёшли аёл 3 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинганди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!