UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Жоффри Ижумба болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун имзоланганини олқишлади. У янги қонун болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
“Болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйиб бўлмайди. Ҳар бир бола хавфсиз муҳитда, қадр-қиммати ҳурмат қилинган ва ҳуқуқлари ҳимояланган ҳолда вояга етиш ҳуқуқига эга”, — деди Жоффри Ижумба.
Унинг қайд этишича, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради. Шунингдек, таълим муассасаларида жавобгарлик чораларини кучайтириш орқали болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Barnahus модели асосида ташкил этилган “Нажот” марказининг яқин орада очилиши зўравонликдан жабрланган болаларга мувофиқлаштирилган ва уларнинг эҳтиёжларига мос ёрдам кўрсатиш йўлидаги муҳим қадам сифатида қайд этилди.
UNICEF қонундаги ўзгаришларни амалиётга самарали татбиқ этиш учун давлат идоралари, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!