Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 15 килограмм гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Икки ҳолат бўйича гумонланувчилар қўлга олиниб, қамоққа олинган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти, унинг ҳудудий бўлинмалари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирларда трансмиллий жиноий гуруҳ аъзоларининг фаолияти аниқланган.
Биринчи ҳолатда, жиноий гуруҳ етакчиси ва унинг 1985 ҳамда 1973 йилларда туғилган шериклари Тошкент–Андижон магистраль йўлида олдиндан яшириб кетилган 13 килограмм гашишни олаётган вақтда ушланган. Улар гиёҳвандлик воситасини қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб ўтишни режалаштирган.
Иккинчи ҳолат Бўка туманида аниқланган. Тезкор тадбир давомида 1972 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс 1976 йилда туғилган шахсга 2 килограмм опийни 20 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда қўлга олинган.
Вазирлик маълумотига кўра, жами 13 килограмм гашиш ва 2 килограмм опий мусодара қилинган. Ушбу гиёҳвандлик воситаларининг 75 минг дозага тенг миқдори ноқонуний муомалага чиқарилишининг олди олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят ишлари қўзғатилган. Гумонланувчилар қамоққа олинган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!