Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдаси ҳудудида Маданий мерос агентлиги билан келишилмаган кўнгилочар тадбир ўтказилгани ортидан Қўқон давлат музей-қўриқхонаси директори М. Мавлонқуловга ҳайфсан берилди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги маълум қилди.
Агентлик ўрганишларига кўра, 3 октябрь куни ўрда ҳовлисида «А.клуб» номи остида бир гуруҳ аёллар иштирокида «Чопон пати» тадбири ўтказилган. Тадбир музей-қўриқхона раҳбарияти томонидан агентлик билан белгиланган тартибда келишилмаган.
Маданий мерос агентлигининг 2024 йилда қабул қилинган буйруғига мувофиқ, давлат музейлари ва музей-қўриқхоналарида ўтказилиши режалаштирилган маданий-маърифий, оммавий ва бошқа тадбирлар агентлик билан белгиланган тартибда келишилиши лозим.
Шунингдек, музей-қўриқхона ҳудуди маданий мерос объекти сифатида алоҳида муҳофаза қилинади. Унда тадбирлар ташкил этишда объектнинг тарихий қиёфасини асраш ҳамда муҳофаза ва фойдаланиш талабларига риоя этиш шарт.
Ҳолат юзасидан директор М. Мавлонқуловга хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани учун Меҳнат кодексининг 312-моддасига асосан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланган.
Маданий мерос агентлиги келгусида маданий мерос объектлари ва музей-қўриқхоналар ҳудудида тадбирларни белгиланган тартибда ташкил этилиши устидан назоратни кучайтиришини маълум қилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!