АҚШ Президенти Дональд Трамп Россиянинг Иркутск вилоятида ўлат касаллиги тарқалиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб, Россияга ёрдам таклиф қилди. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
5 октябрь куни Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда Трамп ўлатни ўрганиш билан шуғулланувчи Иркутск илмий-тадқиқот институти ходимининг вафоти юзасидан фикр билдирди. «Биз ёрдам берамиз. Биз ҳамиша шу каби муаммоларга дуч келганларга ёрдам қўлини узатамиз», деди у.
Трамп мазкур ҳодисани Россия расмийлари билан муҳокама қилмаганини, бироқ ўлатни «оғир касаллик» деб атаганини билдирди. АҚШ Давлат департаменти эса вазият Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари ҳамда бошқа идоралараро ҳамкорлар билан биргаликда кузатилаётганини маълум қилди. Департамент кўплаб тафсилотлар ҳали тасдиқланмаганини қайд этди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам ўлим сабабини ҳозирча тасдиқламаган. Таҳлиллар давом этаётгани, ташкилот Россия расмийлари билан алоқада экани ва зарур бўлса, ёрдам таклиф қилгани билдирилган. ЖССТ мавжуд маълумотлар асосида аҳоли учун хавф даражасини паст деб баҳолаган.
Россия расмийларига кўра, 29 сентябрь куни Иркутск ўлатга қарши курашиш институти ходимаси оғир пневмония аломатлари билан шифохонага ётқизилган ва 1 октябрдан 2 октябрга ўтар кечаси вафот этган. Роспотребнадзор беморга «келиб чиқиши номаълум пневмония» ташхиси қўйилганини билдирган. Унинг ўлатдан вафот этгани расман тасдиқланмаган.
Ҳодиса ортидан марҳума билан мулоқотда бўлган 189 киши аниқланиб, шифохонага жойлаштирилган. Иркутск вилояти губернатори Игорь Кобзев уларда касаллик белгилари аниқланмаганини маълум қилган.
Воқеалар фонида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон эҳтиёт чораларини кучайтирган. Ўзбекистонда ўта хавфли инфекцияларнинг кириб келишининг олдини олиш мақсадида масъул хизматларнинг шайлиги оширилган. Ҳозирча Россия расмийлари Иркутскдаги ўлим ҳолатини ўлат билан боғлаганини тасдиқламаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!