Ўзбекистонда алкоголсиз ичимликлар таркибидаги шакар миқдори ҳақида мажбурий огоҳлантирувчи ёзувлар жорий этилиши режалаштирилмоқда. Тегишли қарор лойиҳаси 14-октябргача жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Лойиҳага кўра, 2027-йил 1 январдан ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган алкоголсиз ичимликларнинг қадоқларига таркибидаги шакар миқдорига қараб огоҳлантиришлар жойлаштирилади. Ҳар 100 мл маҳсулотда 5–8 грамм шакар бўлса, сариқ фонда «Ўртача шакар миқдори», 8–11 грамм бўлса, тўқ сариқ фонда «Шакар миқдори юқори» деган ёзув қўйилади. 11 грамм ва ундан ортиқ шакар мавжуд бўлганда эса қизил фонда «Жуда юқори шакар миқдори — тез-тез истеъмол қилиш саломатликка зарар» деган огоҳлантириш берилади.
Ёзувлар қадоқнинг олд қисмида, умумий юзасининг камида 15 фоизини эгаллаган ҳолда жойлаштирилиши ва истеъмолчига биринчи қарашда аниқ кўриниши керак. Шунингдек, маҳсулот таркиби, калорияси ва кунлик истеъмол меъёри ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ҚР-код бўлиши талаб этилади.
Лойиҳада шакар миқдорини аниқлаш учун ягона лаборатория методикасини тасдиқлаш, аккредитациядан ўтган лабораторияларда таҳлиллар ўтказиш ва юқори миқдорда шакар сақлаган ичимликлар реестрини юритиш ҳам назарда тутилган. 2027-йил 1-декабргача мониторингнинг ягона рақамли платформасини ишга тушириш, 2028-йил 1 январдан эса импорт қилинадиган ичимликлар таркибидаги шакар миқдорини электрон декларатсиялаш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, 2027-йил 1 январдан таълим муассасаларида шакар миқдори кўрсатилмаган ҳолда тамғаланган алкоголсиз ичимликлар савдосини босқичма-босқич чеклаш кўзда тутилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!