Ўзбекистонда хусусий мактабларни қўллаб-қувватлаш учун янги имтиёзлар берилади
Жорий йилда Ўзбекистонда биринчи синфга 800 минг бола қабул қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 10 фоиз кўп. 2030 йилга бориб, биринчи синф ўқувчилари сони 1 миллион нафарга етиши кутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ўқув юкламаси юқори бўлган 52 та туманда хусусий мактаблар очишни қўллаб-қувватлаш бўйича янги молиявий механизмларни эълон қилди. Ушбу ҳудудларда мактаб ташкил этиш учун 7 йил муддатга 10 фоизли имтиёзли кредит берилади. Шунингдек, мактабни очиш ва жиҳозлаш харажатларининг 15 фоизигача, бироқ кўпи билан 1,5 миллиард сўм субсидия ажратилади.
Биносини мактабга ижарага берганларга ер ва мол-мулк солиғи бўйича имтиёз берилади. Барча туманларда бўш давлат бинолари хусусий мактаб ташкил этиш учун 10 йилга бепул ижарага берилади. Халқаро аккредитациядан ўтиш харажатларининг ярми қоплаб берилади.
Фарзанди хусусий мактабда ўқийдиган ота-оналар учун солиқ олинмайдиган даромад чегараси 3 миллион сўмдан 6 миллион сўмга оширилади. Бу оилаларга йилига 6–7 миллион сўм тежаш имконини беради. Солиқ идоралари тўловларни ҳар ой якунида автоматик қайтариш тизимини йўлга қўяди.
Шунингдек, ҳар йили инвестиция дастурлари ҳисобидан 180–200 минг ўқувчи ўрни яратилаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!