Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик ва жинсий тажовузлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.
Қонун лойиҳаси «Адолат» сотсиал-демократик партияси фраксиясининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган. Ҳужжатда 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш учун узоқ муддатли ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш таклиф этилмоқда.
Қонунчилик палатасидаги муҳокамада 14 ёшга тўлмаган шахсларнинг номусига тегиш бўйича 2022-йилда 85 та, 2023-йилда 108 та, 2024-йилда 129 та ва 2025-йилда 123 та жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди. Тўрт йил давомида бундай жиноятлар бўйича жами 445 та иш қўзғатилган.
Лойиҳада жинсий эркинликка қарши жиноятлар содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш ёки жазодан муддат ўтганлиги сабабли озод қилмаслик таклиф этилмоқда. Шунингдек, зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзувга олиш, айрим протсессуал ҳаракатларни махсус тартибда ўтказиш ҳамда жабрланган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш механизмини жорий этиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, вояга етмаганларга нисбатан айрим жиноятларни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгилаш, болаларни тарбиялаш мажбуриятини бажармаганлик ва шаҳвоний шилқимлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш таклиф қилинмоқда. Таълим муассасасида болага нисбатан зўравонлик содир этган педагог билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун ҳуқуқий асос яратиш ҳам кўзда тутилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!