Тадбиркорлар учун давлат активлари ва ер участкаларини хусусийлаштиришда янги молиявий имкониятлар жорий этилмоқда. Эндиликда давлат объектларини харид қилишда тўловларни амалга ошириш шартлари енгиллаштирилади. Бу ҳақда Президентнинг 28-август куни қабул қилинган тегишли фармонида белгиланган.
Унга кўра, давлат объектларини харид қилишда дастлаб 15 фоиз аванс тўлаш имконияти берилади. Бу тадбиркорларга маблағларини тўлиқ харидга сарфлаб юбормасдан, бизнес ва янги лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтириш имконини беради.
Шунингдек, актив қийматини 6 ой ичида тўлиқ тўлаган харидорга 25 фоиз чегирма тақдим этилади.
Тўловни бўлиб амалга ошириш имконияти ҳам кенгайтирилади. Хусусан, харидор актив қийматининг 50 фоизини 6 ой ичида тўлаган тақдирда, қолган суммани 7 йил давомида фоизсиз тўлаш имкониятига эга бўлади. Яна бир вариантга кўра, 35 фоизини 3 ойда тўлаб, қолган қисмини 5 йил давомида бўлиб тўлаш мумкин.
Бундан ташқари, тадбиркорларга тайёр лойиҳа асосидаги ер участкалари таклиф этилади. Бундай ерлар лойиҳа ҳужжатлари, зарур рухсатномалар ва коммуникатсияларга уланиш бўйича техник шартлар тайёр ҳолда савдога чиқарилади.
Натижада тадбиркорларнинг ер харид қилгандан кейин ҳужжатларни расмийлаштириш ва коммуникатсия тармоқларига уланиш учун ойлар давомида вақт сарфлашига эҳтиёж камаяди.
Қайд этилишича, ислоҳотлардан асосий мақсад иқтисодиётда давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш, узоқ вақт давомида фойдаланилмаётган давлат активларини самарали лойиҳаларга жалб этиш ҳамда янги даромад манбалари ва иш ўринларини яратишдан иборат.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!