The Guardian нашрининг хабар беришича, Ғазо секторидаги оқова сув инфратузилмасининг вайрон қилиниши оқибатида денгизга тозаланмаган канализация сувлари оқиб тушиб, Исроилдаги сувни чучуклатиш заводлари фаолиятини издан чиқарди ва мамлакатда сув танқислигини келтириб чиқарди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тозаланмаган сув таркибидаги моддалар микро сувўтларининг кескин кўпайишига сабаб бўлиб, улар Исроилдаги олтита асосий сувни чучуклаштириш заводидан бештасининг фильтрларини тиқилтириб қўйган. Оқибатда корхоналар бир неча кун давомида тўхтатилиб, ҳозирда чекланган қувватда ишламоқда. Бен-Гурион университети профессори Жек Гилроннинг қайд этишича, расмийлар аҳолини сувни тежашга чақирмоқда, фермерларга эса экинларни суғориш тақиқланган.
Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён Исроил ҳужумлари Ғазодаги сув ва санитария инфратузилмасининг 90 фоизини вайрон қилган. Ҳудуддаги барча 5 та оқова сув тозалаш иншооти тўхташи натижасида ҳар куни 45 минг куб метр тозаланмаган канализация суви Ўрта Ер денгизига оқмоқда, яна 15 минг куб метри эса ерости сувларига аралашмоқда.
Сув ва канализация тизимининг издан чиқиши Ғазода ошқозон-ичак ва тери касалликлари ҳамда А гепатити тарқалишига сабаб бўлди. Шунингдек, ҳудудда каламушлар кўпайиб, муаммо Исроилнинг чегара ҳудудларига ҳам ёйилган. Фаластиндаги экологик ташкилот — EcoPeace Middle East директори Нада Маждалани «уруш оқибатлари чегара билмаслигини» таъкидлаб, бу ҳолат бутун минтақа учун катта экологик ва тиббий фожиага айланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!