Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қарийб 95 килограмм «гашиш» гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Тошкент вилояти Қибрай туманидаги дала майдонида дарахтлар орасига яшириб кетилган 4 дона хўжалик қопи аниқланди. Уларнинг ичидаги 109 дона ўрам Божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораторияси хулосасига кўра, салкам 95 килограмм «гашиш» экани тасдиқланди. Тезкор гуруҳ гиёҳвандлик воситаларини олиб кетиш учун келиши мумкин бўлган шахсларни аниқлаш мақсадида ҳудудни бир неча кун кузатувга олиб, орадан 8 кун ўтгач, у ерга келган икки нафар фуқарони қўлга олди.
Божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди. Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни ташкил қилган ва гиёҳвандлик воситаларини яшириб кетиш бўйича топшириқ берган шахс ҳам аниқланиб, ушланди. Маълум бўлишича, бу шахс муқаддам бензин контрабандаси билан боғлиқ жиноят содир этгани учун Божхона қўмитаси қўзғатган жиноят иши доирасида жавобгарликка тортилган бўлган.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, мазкур миқдордаги «гашиш» 700 мингта истеъмол дозасига тенг бўлиб, унинг ноқонуний муомалага чиқарилиши аҳоли, айниқса ёшлар саломатлигига жиддий хавф туғдирар эди. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу гиёҳвандлик воситаларининг қора бозордаги қиймати охирги истеъмолчигача етиб борган тақдирда 10 миллион АҚШ долларидан ошиши мумкин эди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!