Ҳиндистоннинг Махасамунд туманида 4 октябрга ўтар кечаси қоплон уйга кириб, бир оиланинг олти нафар аъзосига ҳужум қилди. Ҳодиса Багбахара ўрмон ҳудудига қарашли Жхитки қишлоғида соат 01:30 лар атрофида содир бўлган. Жабрланганларнинг уч нафари оғир жароҳат олган. Бу ҳақда «Тҳе Times of India» хабар берди.
Қайд этилишича, 55 ёшли Уттарибай Ядав ҳожатхонага чиқиш учун уйдан ташқарига чиққанида қоплон унга ташланган. Аёлнинг қичқириғини эшитган оила аъзолари ёрдамга чиққан, бироқ ҳайвон уйга кириб, уларга бирин-кетин ҳужум қилган. Натижада Саржу Ядав (60 ёш), Уттарибай Ядав, Жанакрам Ядав, Маниш Ядав (18 ёш), Тушар Ядав (15 ёш) ва Сунита Ядав (32 ёш) жароҳатланган.
Ваҳима вақтида оила аъзолари уйдан чиқиб, қоплонни хоналардан бирига қамаб қўйишга муваффақ бўлган. Шундан сўнг полиция ва ўрмон ходимлари воқеа жойини ўраб олган. Нава Райпурдаги «Жунгле Сафари» боғидан келган 10 кишилик қутқарув гуруҳи бир неча соатлик операциядан сўнг ҳайвонни қафасга туширган. Мутасаддилар қоплон хавфсиз ҳудудга кўчирилишини билдирган.
Жароҳатланганларнинг барчаси дастлаб Багбахара жамоат саломатлиги марказига, кейин Махасамунд тиббиёт коллежи шифохонасига олиб борилган. Улардан уч нафари кейинчалик Райпур шаҳрига юборилган.
Ҳодисадан бир кун аввал Пандрипани яқинидаги Карипат ўрмонида ўтин тераётган кишига ҳам қоплон ҳужум қилган. Ўрмон мутасаддилари ушбу ҳужумларда айнан бир қоплон қатнашган-қатнашмаганини ҳозирча аниқламаган. Кетма-кет ҳужумлар Жхитки, Пандрипани ва ўрмонларга туташ бошқа қишлоқларда хавотир уйғотган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!