Ўзбекистонда банклар ва тўлов ташкилотларида фирибгарлик операцияларини аниқлаш бўйича янги талаблар жорий этилиши кутилмоқда. Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган низом лойиҳаси 9 октябрга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Лойиҳага кўра, банклар, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторларининг антифрод тизимлари 24/7 режимида ва реал вақт давомида ишлаши керак бўлади. Операциялар бир нечта белги комбинацияси ҳамда скоринг асосида баҳоланади. Хавф даражасига қараб тўлов амалга оширилади, вақтинча тўхтатилади ва мижоздан тасдиқ олинади ёки рад этилади.
Янги тартиб мобил иловалар, интернет-банкинг, банк карталари ва электрон ҳамёнлардан фойдаланишда юзага келадиган фирибгарлик хатарларини аниқлашга қаратилган. Жумладан, мижозни алдаш ёки унинг ишончидан фойдаланиш орқали операция амалга оширилишига ундайдиган ижтимоий муҳандислик схемаларини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шубҳали операция тўхтатилса ёки рад этилса, мижоз дарҳол мавжуд алоқа каналлари орқали хабардор қилинади.
Лойиҳада антифрод моделларини мунтазам баҳолаш, ижтимоий муҳандислик аломатлари аниқланганда қўшимча верификация ўтказиш, молия бозори иштирокчилари ўртасида шубҳали операциялар ва янги фирибгарлик схемалари ҳақида ахборот алмашиш талаблари ҳам назарда тутилган. Марказий банк маълумотига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондаги тижорат банкларида қиймати 461 миллиард сўмдан ортиқ 18 миллиондан зиёд фирибгарлик операциясининг олди олинган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!