Володимир Зеленский ва Доналд Трамп Украинани кейинги ўн йил ичида тиклаш учун 800 миллиард доллар жалб этишни назарда тутувчи “фаровонлик” шартномасини имзолаши мумкин. Бу ҳақда The Telegraph Ғарб расмийларига таяниб хабар берди.
Нашрга кўра, Украина ва АҚШ президентлари 19–23 январь кунлари Давосда бўлиб ўтадиган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида якуний келишувга эришиши кутилмоқда. Дастлаб Зеленский Оқ уйга ташриф буюриб, АҚШ билан иқтисодий фаровонлик режаси ҳамда урушдан кейинги хавфсизлик кафолатлари бўйича шартнома имзолашни режалаштирган эди. Бироқ Европадаги иттифоқчилар Трамп билан учрашув учун энг мақбул майдон сифатида Давосни таклиф қилган.
The Telegraph маълумотига кўра, фаровонлик режаси ўтган баҳорда тузилган фойдали қазилмалар бўйича келишувга асосланади. Ушбу битим келажакда америкалик инвесторларга Украинадаги тоғ-конь лойиҳаларида иштирок этиш учун имтиёзлар беришни кўзда тутади. Киев расмийлари Вашингтонни Украинани урушдан кейинги тиклашга жалб этиш Трампни ишончли хавфсизлик кафолатларини тақдим этишга ундайди, деб ҳисобламоқда.
Шу билан бирга, нашр манбаларининг таъкидлашича, Трамп Россия президенти Владимир Путиндан тобора кўпроқ норози бўлиб бормоқда ва уни Украинадаги тинчликка Зеленскийдан кўра катта тўсиқ сифатида кўрмоқда. Путин «шунчаки вақтни чўзаётгани» туфайли Трамп маъмуриятидагиларнинг позицияси Европа билан тобора яқинлашиб бормоқда. Москванинг музокаралардаги “икки қадам олдинга, бир қадам орқага” стратегияси эса Трампни чарчатгани айтилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!